Сербия Ўзбекистонга баллистик ракеталар бўйича ҳамкорликни таклиф қилди

Сербия Ўзбекистонга баллистик ракеталар бўйича ҳамкорликни таклиф қилди
View on original source
Category: Politics
Share
Archive
Like
Сербия Ўзбекистон билан мудофаа саноати, жумладан, узоқ масофали баллистик ракеталар йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда 8 сентябрь куни Сербия президенти Александр Вучич Белграддаги Ўзбекистон-Сербия бизнес-форумида маълум қилди. Вучичнинг айтишича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар «замонавий тарихдаги энг юқори даражага» кўтарилган. «Бугун биз Сербия ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича тарихий қарор қабул қилдик. Бу шунчаки янги мақом эмас, балки ишонч, ўзаро ҳурмат ва умумий келажак йўлидаги онгли танловдир», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг сўзларига кўра, энди стратегик шерикликни аниқ лойиҳалар билан бойитиш зарур. Булар инвестициялар, янги иш ўринлари яратиш, савдо ҳажмини ошириш ва бошқа ҳамкорлик йўналишларини қамраб олади. Александр Вучич Ўзбекистон-Сербия бизнес-форумида Белград ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов яқин етти-саккиз ой ичида йўлга қўйилиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мунтазам авиақатновнинг йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқалари, туризм ва икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади. Шавкат Мирзиёев ҳам тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйишни тезлаштириш бўйича топшириқ берганини айтди. Ўзбекистон президенти «Сербия президенти билан самарали музокаралар» якунлари бўйича Белградда тўлақонли элчихона очилишини кутмасдан, мамлакатнинг алоҳида дипломатик ваколатхонасини очишга қарор қилганини айтди. «Келгуси ҳафтадаёқ дипломатларимизни юборамиз. Улар Сербия компанияларига ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантиришда ҳар томонлама ёрдам беради», — деди Шавкат Мирзиёев. Президентнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик дипломатлар келгуси ҳафтадаёқ Сербияга юборилади. Уларнинг вазифаларидан бири Сербия компанияларига Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишда кўмаклашиш бўлади. Бизнес-форумда Александр Вучич Ўзбекистон билан мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, Сербия тахминан бир йилдан кейин узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда ва бу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Вучич Сербия ҳозирда қисқа масофали ракеталар ишлаб чиқараётгани ва бир қатор давлатлардан технологиялар олаётганини ҳам таъкидлади. «Бир йилдан кейин биз узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаймиз ва бу масалада ҳам сизлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу Сербия аҳолисига жуда кам айтадиган янгиликларимиздан бири. Аммо бу бизнинг технологик ва саноат соҳасидаги тараққиётимизни кўрсатади. Мутахассисларимиз аллақачон кўп натижаларга эришди. Ишонаманки, айтганимдек, бир йилдан кейин буни ҳам амалга ошира оламиз. Бу соҳада Ўзбекистондаги биродарларимиз ва дўстларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Вучич. Ташриф давомида Александр Вучич Шавкат Мирзиёевга Сербиянинг энг олий давлат мукофоти — катта занжирли Сербия Республикаси орденини ҳам топширди. Сербия президентининг айтишича, мукофот икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилган. Сербия мудофаа саноати Ғарбий Болқондаги энг йирик мудофаа саноати ҳисобланади. Мамлакатнинг қурол-яроғ ва ҳарбий техника экспорти 2020 йилдаги 384 млн доллардан 2023 йилда 1,6 млрд долларга етган. Сербияда зирҳли техника, артиллерия, ўқ-дори, ракета, двигател ва учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарувчи қарийб 200 та давлат ва хусусий мудофаа корхонаси фаолият юритади. БМТнинг Оддий қурол-яроғлар реестри маълумотларига кўра, Сербия 2022 йилдан буён минглаб артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилар, қарийб 18 мингта кўп стволли реактив тизимлар учун ракета ва уларнинг ишга тушириш қурилмаларини, шунингдек, катта ҳажмда ўқотар ва танкка қарши қуролларни экспорт қилган. Сербия ҳарбий маҳсулотларининг асосий харидорлари орасида Болгария, АҚШ, БАА, Саудия Арабистони ва Ироқ бор.

(0)Comments

 

A note on cookies

Newshunt uses essential cookies to keep you signed in and to remember your language and country, so the site works the way you expect. With your permission, we'd also like to use analytics cookies to understand how people use Newshunt and improve it over time.

Accepting only affects analytics. To learn more, view our Privacy Policy or Terms & Conditions.