Мактабларда ўқув йилининг бошланиши доимо ўқитувчиларга гулдасталар тақдим этиш билан боғлиқ бўлиб келган. Бу устозларга бўлган ҳурмат ва эътиборни кўрсатувчи гўзал анъана бўлса-да, айрим мактаблар ундан воз кечишни бошламоқда. Тошкентдаги қатор хусусий мактабларда ота-оналар ва ўқувчиларга бир неча кундан кейин сўлиб қоладиган гулларни сотиб олиш ўрнига хайрия акцияларида қатнашиш таклиф этилмоқда. Масалан, Leader School`да бир неча йилдан буён шаҳарга, сўнгги йилларда эса Taskin болалар ҳосписи ҳудудига экиш учун кўчатлар йиғилмоқда. Sehriyo, Oxbridge School ва Vosiq International School эса бу йил онкологик касалликка чалинган болаларга кўмаклашиш мақсадида Ezgu Amal жамоат фонди учун маблағ йиғди. Gazeta ўқувчиларга янги ўқув йилини эзгу амаллар билан бошлашга ёрдам берган акциялар ҳақида ҳикоя қилади.
Фото: Фарзона Ҳамидова / Gazeta
Олти йилдирки, Leader School хусусий мактабида янги ўқув йили «Сўнмас эзгулик» акцияси билан бошланади. Ўқитувчиларга гулдасталар бериш ўрнига ота-оналар ва ўқувчилар кўчатлар — кейинчалик Тошкентнинг турли жойларига экиладиган ёш дарахтлар, буталар ва гуллайдиган ўсимликларни харид қилади.
«Кўчат шунчаки ўсимлик эмас, балки янги ҳаёт, умид ва келажак рамзидир. Акциямизнинг асосий мақсади — 'ёрдам', 'ғамхўрлик' ва 'ҳамдардлик' сўзлари ҳақиқий маънога эга бўлган ҳамда амалий ишлар билан тасдиқланадиган бефарқ бўлмаган инсонлар жамиятини шакллантиришдир», — деди мактаб асосчиси ва директори Феруза Ваҳобова Gazeta билан суҳбатда.
Фото: Фарзона Ҳамидова / Gazeta
Ўтган йилларда ёш дарахтлар ва буталар мактаб ҳомийлик кўрсатиб келаётган Taskin болалар ҳосписи ҳудудига экилган эди. Йил давомида ўқувчилар ва ўқитувчилар митти беморлар ҳолидан хабар олади, совғалар етказиб, ижодий машғулотлар ва маҳорат дарслари ташкил этади.
Бу йил Leader School тез орада очилиши режалаштирилган катталар учун ҳоспис ҳудудини кўкаламзорлаштиришда иштирок этди. Акцияда юқори синфларнинг 25 нафар ўқувчиси қатнашди. Улар сурия гибискуси, тимьян, павловния, катальпа, игнабаргли дарахтлар, шунингдек, олма, нок, олча, хурмо ва бошқа мевали дарахтлар кўчатларини олиб келиб экди.
Фото: Фарзона Ҳамидова / Gazeta
«Биз учун бу шунчаки экологик акция эмас, балки ўсмирларни натижасини ўз кўзлари билан кўра оладиган ҳақиқий ижтимоий фойдали ишга жалб қилиш имкониятидир. Биз экилган дарахтларнинг нафақат ҳудудни ободонлаштиришга қўшилган ҳисса, балки эътибор, қўллаб-қувватлаш ва инсоний ғамхўрлик рамзи бўлишини истаймиз», — дея таъкидлади Феруза Ваҳобова.
Фото: Фарзона Ҳамидова / Gazeta
Мактаб кўчатларнинг илдиз отиши ва ўсишини кузатиб бориш ҳамда зарур бўлганда уларни парваришлашда иштирок этиш ниятида.
«Сўнмас эзгулик» акцияси мактабнинг ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар жалб этилган кенгроқ хайрия ва ижтимоий фаолиятининг бир қисмидир, деди директор.
«Бола учун катталар айтган бирор ишда шунчаки қатнашиб қўйиш эмас, балки буни нега ва нима мақсадда қилаётганини, қилган иши кимга фойда келтиришини ҳамда ортидан қандай из қолдиришини англаб етиш муҳим. Биз учун асл педагогика мана шу — маънолар педагогикасидир: шунчаки чиройли тадбир ўтказиш эмас, болаларга масъулият, ғамхўрлик ва дахлдорлик туйғусини ўз тажрибасида ҳис қилишга ёрдам бериш. Токи эзгулик мавҳум бир сўз бўлиб қолмай, моҳияти боланинг ўзига тушунарли бўлган аниқ бир амалга айлансин», — дея таъкидлади у.
Sehriyo мактаби бу йил Ezgu Amal жамоат фонди томонидан Тошкентда илк бор ўтказилган «Гуллар ўрнига болалар» акциясини қўллаб-қувватлади. Ушбу ташаббус бундан 13 йил муқаддам Россияда пайдо бўлган ва шундан буён бошқа МДҲ мамлакатлари ҳудудида ҳам ўтказиб келинмоқда. Унинг моҳияти шундан иборатки, синф ўқитувчига барча ўқувчилар номидан битта умумий гулдаста тақдим этади, алоҳида-алоҳида гулларга сарфланиши мумкин бўлган маблағ эса хайрияга йўналтирилади.
Фото: Sehriyo
«Ушбу акция фалсафаси бизга жуда яқин. Гуллар, шубҳасиз, гўзал, аммо бир ҳафтадан сўнг улар сўлийди, болага кўрсатилган ёрдам эса узоқ муддатли ва ҳақиқий наф келтириши мумкин. Биз бундай ташаббусни Тошкентда ҳам йўлга қўйиш ажойиб бўларди деб ўйладик», — деди Ezgu Amal фонди педагоги ва психологи Камилла Тураходжаева.
Унинг сўзларига кўра, янги ўқув йилининг бошланиши болалар билан меҳрибонлик, ўзаро ёрдам ва ҳамдардлик ҳақида суҳбатлашиш ҳамда ушбу қадриятлар муҳимлигини амалий ишлар билан тасдиқлаш учун айни муддаодир.
Фото: Sehriyo
«Болага шунчаки меҳрибон бўлиш кераклиги ёки бошқаларга ёрдам бериш муҳимлигини уқтиришнинг ўзи камлик қилади. У ўз ҳаракатининг натижасини кўриб, 'Мен ҳақиқатан ҳам кимгадир ёрдам бердим' деб англаганда бу анча кучлироқ самара беради. Шунда хайрия узоқ ва мавҳум тушунча бўлмасдан, болалар ҳатто уларнинг кичик бир хатти-ҳаракати ҳам катта аҳамиятга эга эканини тушуна бошлайди», — деди психолог.
Тураходжаева ижтимоий тармоқларда мазкур акция ҳақида сўзлаб бериб, таълим муассасаларини ҳам унга қўшилишга чақирди. Ушбу чақириққа Oxbridge хусусий мактабининг иккита филиали, Vosiq International School ҳамда 23 та синфи ташаббусни қўллаб-қувватлаган Sehriyo мактаби хайрихоҳлик билдирди.
«Биз болаларда ўзаро ёрдам, ғамхўрлик ва бир-бирига бефарқ бўлмаслик маданиятини тарбиялашни жуда муҳим деб биламиз. Шунинг учун бу акцияга қўшилиш биз учун табиий қарор бўлди. Бу ғояни бутун мактаб илиқ қарши олди: ўқитувчилар ташаббусни маъқуллади, ота-оналар маблағ йиғишда жон деб қатнашди, ўқувчилар эса жараёнда фаол иштирок этди», — дея таъкидлади Sehriyo маъмурияти.
Фото: Sehriyo
Ташаббусга бир нечта гул дўконлари ҳам қўшилди: айримлари акция иштирокчилари учун чегирмалар таклиф этган бўлса, бошқалари гулдасталар сотувидан тушган маблағнинг бир қисмини фондга ўтказиб берди. Эҳсонлар фонд сайтидаги QR код орқали ва Oxbridge ҳамда Sehriyo мактабларида ўрнатилган хайрия қутилари воситасида қабул қилинди.
Йиғилган маблағлар Ezgu Amal фонди қарамоғидаги онкологик ва гематологик касалликларга чалинган беморларга кўмаклашиш — қиммат дори-дармонлар, тиббий текширувлар ёки даволаниш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.
(0)Comments