Август ойида истеъмол секторидаги товарлар нархлари 0,2 фоизга ошди

Август ойида истеъмол секторидаги товарлар нархлари 0,2 фоизга ошди
View on original source
Category: Financial
Share
Archive
Like
Эътиборли жиҳати шундаки, йиллик истеъмол нархлари индекси 6,2 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йил август ойидаги 8,8 фоизга нисбатан 2,6 фоиз бандга паст. Демак, бир йил давомида инфляцион босим сезиларли даражада юмшаган. Август ойида нархлар ўсишида озиқ-овқат маҳсулотлари етакчи омил бўлди. Ушбу гуруҳда нархлар ўртача 0,4 фоизга ошган. Ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,1 фоизга қимматлашган. Озиқ-овқат сегментида айрим маҳсулотлар нархининг кескин ошиши умумий инфляция кўрсаткичига таъсир қилди. Жумладан, сабзи 9,2 фоиз, тарвуз 7,5 фоиз, пиёз 6,2 фоиз, узун бошоқли гуруч 2,4 фоиз ва юмалоқ бошоқли гуруч 2,3 фоизга қимматлаган. Бироқ бозордаги барча маҳсулотлар нархи бирдек ошмаган. Айрим мева-сабзавотлар арзонлашиб, инфляцияни жиловлаштирувчи омилга айланган. Хусусан, узум нархи 10,9 фоиз, булғор қалампири 9,2 фоиз, олма 7,2 фоиз, нок 6 фоиз, бақлажон 5,5 фоиз, карам 4,9 фоиз ва картошка 3,3 фоизга пасайган. Бу ҳолат мавсумий омилларнинг истеъмол бозоридаги нарх шаклланишига таъсири ҳали ҳам юқори эканини кўрсатади. Яъни айрим маҳсулотларда ҳосил ва бозор таклифининг кўпайиши нархларни пасайтирса, бошқа маҳсулотларда мавсумий талаб ёки таклифдаги ўзгаришлар аксинча қимматлашувга олиб келмоқда. Август ойида инфляцияга таъсир кўрсатган яна бир муҳим йўналиш — ёқилғи бозорига эътиборингизни қаратадиган бўлсак, АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин нархи 6,7 фоизга, АИ-95 бензини 4,9 фоизга, АИ-92 бензини эса 1,1 фоизга ошган. Ёқилғи нархининг ўсиши иқтисодиётда кенгроқ таъсирга эга бўлиши мумкин. Чунки транспорт харажатларининг ортиши товарларни етказиб бериш, логистика ва хизматлар таннархига таъсир қилиб, кейинчалик бошқа сегментлардаги нархларга ҳам босим ўтказиши эҳтимолдан холи эмас. Хизматлар соҳасида август ойида нархлар ўртача 0,1 фоизга ошган. Шу билан бирга, айрим хизмат турларида сезиларли қимматлашув қайд этилган. Хусусан, халқаро авиақатновлар нархи 1,7 фоизга, шаҳарлараро автомобиль транспортида йўловчи ташиш 0,6 фоизга, ижарага олинган турар жойлар учун тўловлар 0,4 фоизга ошган. Бу рақамлар хизматлар соҳасидаги умумий нарх ўсиши ҳозирча нисбатан паст даражада сақланаётганини кўрсатса-да, транспорт ва ижара каби аҳоли харажатларида муҳим ўрин тутадиган йўналишларда қимматлашув давом этаётганини англатади. Инфляция кўрсаткичларини шакллантириш учун август ойида 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасидан 2 миллиондан зиёд нархлар қайд этилган. Кузатувлар доирасида 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 98 турдаги хизматлар қамраб олинган. Бу кенг қамровли мониторинг истеъмол бозоридаги нарх ўзгаришларини аниқроқ баҳолаш ва инфляциянинг қайси тармоқлар ҳисобига шаклланаётганини аниқлаш имконини беради. Август ойидаги 0,2 фоизлик ойлик ўсиш ва 6,2 фоизлик йиллик инфляция кўрсаткичи нархлар барқарорлашуви йўлида ижобий тенденция шаклланаётганини кўрсатади. Айниқса, йиллик инфляциянинг бир йилда 8,8 фоиздан 6,2 фоизга тушиши макроиқтисодий нуқтаи назардан муҳим натижа. Бироқ айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, бензин, транспорт ва ижара нархларининг ўсиши инфляция хавфи ҳали тўлиқ бартараф этилмаганини кўрсатади. Шу сабабли келгуси ойларда нархлар динамикасида озиқ-овқат бозоридаги таклиф, ёқилғи нархлари, логистика харажатлари ва хизматлар тарифлари асосий кузатилиши лозим бўлган омиллар бўлиб қолади. Умуман, август ойи статистикаси Ўзбекистонда инфляция суръати пасайиб бораётганини кўрсатмоқда. Аммо аҳоли кундалик истеъмолида муҳим ўрин тутадиган айрим маҳсулотлар ва хизматлар қимматлаши инфляциянинг аҳоли фаровонлигига таъсирини доимий мониторинг қилиш зарурлигини кўрсатади. Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

(0)Comments

 

A note on cookies

Newshunt uses essential cookies to keep you signed in and to remember your language and country, so the site works the way you expect. With your permission, we'd also like to use analytics cookies to understand how people use Newshunt and improve it over time.

Accepting only affects analytics. To learn more, view our Privacy Policy or Terms & Conditions.